Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш
технологияси
Аттестациянинг мақсади таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлигини аниқлашдан иборат.
Олий таълим муассасаси (кейинги ўринларда ОТМ)даги мавжуд таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, ўрта махсус, касб-
ҳунар таълим муассасаси (кейинги ўринларда – ЎМКҲТМ) даги мавжуд таълим йўналишлари, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари аттестация қилиниб, унинг натижалари бўйича таълим муассасаси аттестацияси
тўғрисида хулоса чиқарилади.
Таълим муассасасининг аттестациядан ўтиш шарти:
- ОТМдаги мавжуд йўналишлар ва мутахассисликларнинг умумий сонига нисбатан 75 ва ундан кўп фоизи «Аттестациядан ўтди» деб хулоса қилиниши;
- кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасалари (МОМ) фаолияти Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилган мезонда белгиланган максимал баллнинг 75 фоизидан кам бўлмаган балл билан баҳоланса, МОМ «Аттестациядан ўтди» деб хулоса қилиниши;
- ЎМКҲТМдаги мавжуд таълим йўналишларининг 70 ва ундан кўп фоизи «Аттестациядан ўтди» деб хулоса қилиниши;
- мактабгача таълим муассасасидаги тарбияланувчилар учун ўтказилган назорат ишларида тарбияланувчиларнинг 80 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси фаолияти мезонлар асосида белгиланган умумий баллнинг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганда «Аттестациядан ўтди» деб хулоса қилиниши;
- умумий ўрта таълим муассасаси битирувчиларининг 75 фоизи ва ундан кўпи, назорат ишларида ўқувчиларнинг 60 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 70 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда «Аттестациядан ўтди» деб хулоса қилиниши бўлиб ҳисобланади.
Янги ташкил этилган таълим муассасаси аттестацияси биринчи битирув якунларига кўра таълим олувчилар тайёрлаш даври тўла тугагандан сўнг ўтказилади.
Аттестация натижаларига кўра таълим муассасаси давлат аккредитациясидан маҳрум этилиши мумкин.
«Аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилган таълим муассасаси тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:
- таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш;
- таълим муассасасининг мақомини ўзгартириш;
- лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат олий таълим муассасалари учун);
- лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби бериш (нодавлат олий таълим муассасалари учун).
Таълим муассасаси 5 йилда бир марта режа бўйича аттестациядан ўтказилади.
Аттестация вазифаларига қуйидагилар киради:
- муайян таълим йуналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича талабаларнинг таълим дастурларини ўзлаштириши, тайёргарлиги мазмуни ва сифати давлат таълим стандартларига мувофиқлиги даражасини аниқлаш;
- таълим (тайёрлов) йўналишлари бўйича таълим-тарбия жараёнини ташкил этилганлиги, ўқувчиларнинг таълим дастурларини ўзлаштириш даражаси ва билим сифати, педагог кадрлар, ўқув-услубий ва моддий-техник таъминотининг давлат таълим стандартлари ва белгиланган меъёрий талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
- таълим муассасасидаги ўқув жараёни ҳолати ҳақида холис ахборот олиш;
- таълим муассасаси ўқув жараёнидаги ижобий ва салбий ҳолатларни аниқлаш;
аттестация жараёни давомида аниқланган муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва уларни ҳал қилиш йўлларини белгилаш.
Аттестация натижаларига кўра таълим муассасаси аттестация хулосасини олади ва унинг асосида давлат аккредитацияси ўтказилади.
Аттестациядан ўтказиш жараёни босқичлари:
- таълим муассасаларининг ўз-ўзини баҳолаши ва унинг натижалари ҳамда ДТМга тақдим этилган бошқа маълумотлар асосида аттестация жараёнига тайёргарлик кўриш;
- таълим йўналишлари ва мутахассисликларини аттестациядан ўтказиш;
- аттестация хулосасини тайёрлаш, расмийлаштириш ва Аккредитация комиссиясига тақдим этиш.
Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш учун аттестация комиссияси тузилади. Комиссия таркиби Давлат тест маркази томонидан тайинланади. Таълим муассасасининг хусусиятига, ўз-ўзини баҳолаш сифатига, таълим йуналишлари ва мутахассисликлар турларига қараб комиссия таркиби аниқланади.
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта мактаб таълим муассасалари учун Комиссиялар таркибига ушбу вазирлик ҳамда унинг вилоятлардаги бошқармалари мутахассислари, таълим муассасалари педагоглари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари жалб этилади.
Олий таълим муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасалари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун Комиссиялар таркибига олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва тармоқ илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, таълимни бошқарув бўйича ваколатли давлат органларининг масъул ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари ва тегишли ишлаб чиқариш корхоналарининг юқори малакали мутахассислари жалб этилади ҳамда улар аттестация қилинаётган таълим муассасаларига алоқадор бўлмаслиги лозим.
Комиссия Давлат тест маркази томонидан тузилиб, унга Давлат тест маркази ходими раҳбарлик қилади.
Тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар аттестация жадвалини ҳамда аттестация текширувига оид ҳужжатларни аттестация бошланишидан 3 ой олдин Давлат тест марказидан оладилар.
Аттестация жараёнида таълим турлари бўйича таълим муассасаларининг охирги уч йиллик фаолиятини комплекс таҳлил этилади.
Таълим муассасалари томонидан аттестация мезонлари талаблари асосида ўз-ўзини баҳолаш бўйича қуйидаги фаолиятлари ҳақида натижалар акс эттирилган маълумотлар аттестация Комиссиясига тақдим этилади:
- мактабгача таълим муассасаларида: таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги; тарбияланувчиларнинг таълим – тарбия дастурларини ўзлаштириш даражаси; тарбиячи-педагог кадрлар салоҳияти; болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам берувчи ўйинчоқлар, услубий қўлланма ва болалар адабиёти билан таъминланганлиги, спорт майдончалари ва зарур шароитларнинг яратилганлиги, овқатланиш ҳамда дам олиш хоналарининг белгиланган санитария-гигиеник ва эстетик талабларга мослиги, шунингдек, улардан фойдаланиш ҳолати;
- умумий ўрта таълим муассасаларида: таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги; ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги; ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси; педагог кадрлар салоҳияти; таълим жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва ахборот технологияларининг жорий этилганлиги; моддий-техник салоҳиятни ривожлантириш бўйича давлат дастурининг бажарилиш ҳолати; маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилиш сифати; ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг сифати; рейтинг баҳолаш тизимининг қўлланилиш сифати;
- ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида: ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилганлиги; таълим муассасаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг таълим-тарбия жараёнига жорий этилганлик ҳолати; ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражаси (билими); педагог, муҳандис-педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг сифат таркиби; ўқув режасидаги фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, луғат, маърузалар тўплами, услубий қўлланма, электрон дарслик)нинг мавжудлиги ва кутубхона фондининг улар билан тўлдирилганлиги; кутубхонанинг ўқитиш тилига мос ҳолда ўқув, услубий, сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва бадиий адабиётлар билан бойитилиши; моддий-техник таъминоти, ўқув, лаборатория ва амалиёт хоналари ҳамда устахоналарнинг жиҳозланиши, ахборот коммуникацион технологияларининг жорий этилганлиги, компьютерлаштириш даражаси, моддий-техник базасининг мавжуд таълим йўналишларига мослиги; мавжуд ўқув-лаборатория жиҳозлари, дастгоҳ, асбоб-ускуна ва техникаларнинг ўқув жараёнида ишлатилиши; замонавий педагогик технологияларнинг ўқув жараёнида қўлланилиши; иқтидорли ўқувчилар, республика ва халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ғолиблари салмоғи; таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси, таълим муассасаларида васийлик кенгашларининг ташкил этилганлиги ҳамда улар фаолиятининг самараси; касбга йўналтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлиги, таълим муассасасига ўқувчилар қабул қилиш жараёнининг ташкил этилиши ва амалга оширилиши; битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш даражаси; маънавий-маърифий ишларнинг режа асосида ташкил этилганлиги ва унинг самараси; ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳолати;
- олий таълим муассасаларида: давлат таълим стандартларининг ўқув жараёнига жорий этилиши; талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими); профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти; илмий-тадқиқот ишларининг истеъмолчилар талабларидан келиб чиқиб олиб борилаётганлиги; талабаларнинг дарслик (жумладан, электрон дарсликлар) ва ўқув қўлланмалари билан таъминланганлик даражаси; моддий-техник таъминоти, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютерлаштириш салмоғи, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан тўлдирилиш ҳолати ва улардан фойдаланилиши ҳамда фойдали ўқув-лаборатория майдони билан таъминланганлик даражаси; замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши; таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграцияси; аспирантура ва докторантура орқали ҳамда мустақил тадқиқотчилик асосида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш фаолияти; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари билан ҳамкорлиги; маънавий-маърифий фаолияти; битирувчиларнинг ишга ёки таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга жойлашиши; халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилганлиги;
- кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларида: давлат талабларининг ўқув жараёнига жорий этилиши; моддий–техник, ўқув–лаборатория таъминоти, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш ҳолати; илмий-педагогик кадрлар салоҳияти ва улар фаолиятининг самарадорлиги; ўқув–тарбия жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши (жумладан, мультимедиа ва бошқа услубларнинг қўлланилиши); таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграцияси ҳамда халқаро ҳамкорлик фаолияти.
Таълим муассасаси тақдим этган ҳужжатлар нусхалари ва маълумотлар ДТМда қайд этилади. ДТМ ходимлари тақдим этилган материалларни таълим йўналиши ва мутахассисликларини аттестациядан ўтказишдан олдин 2 ой ичида ўрганиб, дастлабки экспертиза хулосасини чиқаради.
Таълим муассасалари раҳбарлари аттестация ўтказувчи комиссияни таълим муассасалари фаолияти ҳақида тўлиқ ва хаққоний маълумотлар билан таъминлаши ва комиссия ишлаши учун зарур шарт –шароитларни яратиши керак. Комиссия аъзоларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ бўлган харажатлар уларнинг асосий иш жойи маблағлари ҳисобидан қопланади.
Идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган таълим муассасалари аттестацияси Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади ҳамда ўтказилади.
Ҳуқуқий - меъёрий хужжатлар
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни.
Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 январдаги “Узлуксиз таълим тизими учун Давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисида”ги 5-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 11 мартдаги “Давлат тест маркази таркибида Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармасини ташкил этиш тўғрисида”ги 109-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги 203-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 390-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 28 февралдаги “Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш ва улар фаолиятини бошқариш тўғрисида”ги 77-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 16 октябрдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 400 –сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 12 июндаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 253-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги “Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 343-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 4 октябрдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 400-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига изчил ўтишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 473-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги “Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 100-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 апрелдаги “Бюджетдан ташқари мактаб таълими жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 263-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 июлдаги “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 321-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 20 июлдаги “ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 341-сонли қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 372-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги “2005-2009 йилларда умумтаълим мактабларида дарсликлар ва ўқув методик қўлланмалар нашр этиш дастури тўғрисида”ги 548-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 293-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 20-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 21-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 25-сонли Қарори.
E-mail: info@dtm.uz